info@uzaudit.uz Ish vaqti: Dush–Juma 9:00–18:00
Auditorlar palatasiO‘zbekiston Respublikasi
Bosh sahifa / Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматлари ходимлари учун малака имтиҳонлари 2026 йил август ойидан бошланади

Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматлари ходимлари учун малака имтиҳонлари 2026 йил август ойидан бошланади

28.07.2026

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 209-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ биринчи малака имтиҳони 2026 йил август ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

Имтиҳоннинг аниқ санаси, вақти ва ўтказиладиган жойи тўғрисидаги маълумот Агентлик томонидан тақдим этилгач, Ўзбекистон аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда ҳар бир талабгорга шахсий кабинети орқали етказилади.

Аризаларни қабул қилиш

Аризалар 2026 йил 1 августдан 10 августгача (шу кун ҳам) Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали электрон шаклда қабул қилинади. Аризалар дам олиш кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Сертификат турлари ва талабгорларга қўйиладиган талаблар

— амалиётчи ички аудитор сертификати — олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш талаб этилади;

— профессионал ички аудитор сертификати — камида уч йиллик иш стажи, шундан бир йили давлат аудити соҳасида бўлиши талаб этилади.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

— биометрик паспорт нусхаси ёки ID-карта маълумотлари;

— олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси (чет давлатда олинган бўлса — тан олиш ҳақидаги гувоҳнома нусхаси);

— халқаро сертификат нусхаси, малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан (мавжуд бўлса);

— Давлат аудити олий мактабидаги ўзлаштириш кўрсаткичи (GPA) акс этган расмий ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлса);

— меҳнат дафтарчаси нусхаси ёки «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма (профессионал ички аудитор сертификати учун);

— йиғим тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома нусхаси.

Аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари — 824 000 сўм миқдорида йиғим ундирилади. Тўлов реквизитлари Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.

Имтиҳон тартиби

Малака имтиҳони давлат тилида, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тест синови шаклида ўтказилади. Имтиҳон учун уч соат вақт берилади.

— амалиётчи ички аудитор сертификати учун — 100 та тест топшириғи (ички аудит фаолияти — 50 та, ички назорат ва хавфларни бошқариш — 25 та, давлат молиясини бошқариш — 10 та, бюджет ҳисоби — 10 та, бошқа йўналишлар — 5 та);

— профессионал ички аудитор сертификати учун — 60 та тест топшириғи, шу жумладан муаммоли вазиятлар асосидаги тестлар (ички аудит — 24 та, ички назорат ва хавфларни бошқариш — 18 та, давлат бошқаруви асослари — 6 та, ахборот технологиялари — 6 та, бюджет ҳисоби — 6 та).

Тўғри жавоблар тест топшириқлари умумий сонининг камида 75 фоизини ташкил этганда имтиҳон муваффақиятли топширилган ҳисобланади.

Намунавий тест топшириқлари имтиҳон бошланишидан камида бир ой олдин Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

2027 йил 1 июлдан бошлаб профессионал ички аудитор сертификатига эга бўлмаган шахсларнинг ички аудит хизматининг бўлим бошлиғи ва ундан юқори лавозимларида (ички аудит хизмати бир нафар штатдан иборат бўлганда — ушбу штатда) фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Халқаро сертификатларга (CIA, CRMA, QIAL, Internal Audit Practitioner, CGAP, ACCA ва CIPFA нинг тегишли малакалари) эга бўлган шахсларга ҳамда Давлат аудити олий мактабини ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи (GPA) камида 4,0 билан тамомлаганларга амалиётчи ички аудитор сертификати малака имтиҳонини топширмасдан ва йиғим ундирилмасдан берилади.

Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон аудиторлар палатасига мурожаат қилишингиз мумкин.